Якшанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутлигига сайловларда, дастлабки маълумотларга кўра, 71,1 фоиз сайловчи овоз берди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов брифингда маълум қилди.

Мамлакатдаги 10260 та сайлов участкасида рўйхатга олинган 18 миллион 797 минг 810 сайловчидан 13 миллион 355 минг 911 нафари иштирок этди.

Энг кўп сайловчи Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятида қайд этилди — 75,4 фоиз. Энг кам сайловчи эса Тошкент шаҳрида ташриф буюрди — 60,8 фоиз.

Айни вақтда АҚШ ва Европадаги айрим сайлов участкаларида овоз бериш давом этмоқда. Ҳорижда жами 55 та сайлов участкаси очилган бўлиб, 1 миллион 697 минг 647 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Хорижда яшаётган тахминан 89 минг ватандош муддатидан олдин овоз берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловининг дастлабки натижалари 23 декабрь куни 14:00 да эълон қилинади.