Божхона органлари ходимлари Ўзбекистон орқали ўз таналарида жами 5,7 кг дан зиёд героинни олиб ўтмоқчи бўлган олти нафар курьерни қўлга олди, дея хабар қилди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Видео

Пойтахтдаги «Тошкент» аэропортида хорижий давлатга учиш олдидан «яшил йўлак»дан ўтаётган тўрт нафар чет эллик йўловчи қўлга олинди. Божхона текшируви вақтида ушбу эркакларнинг қорин қисмида (йўғон ичакларида) ёт жисмлар аниқланди.

Улар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилди. Шифокорлар холислар иштирокида уларни текширувдан ўтказди ва наркокурьерларнинг ички аъзоларида яширилган жами 268 та ўрамлар ичида умумий вазни 4 кг ва 152,52 гр.ни ташкил этувчи героин гиёҳвандлик воситаси яширилганлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давомида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Айритом» чегара божхона постида ҳам яна бир наркокурьер қўлга олинди. М.М.исмли шахснинг ички аъзоларида 67 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 1 кг 42 граммдан ортиқ опий гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Шунингдек, божхоначилар «Тошкент» халқаро аэропорти орқали хорижга йўл олган С.М.нинг қинғир режасини фош этишди. Гап шундаки, ушбу шахс ўз ички аъзоларига 35 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 544,75 граммдан ортиқ героин гиёҳвандлик воситасини яширган экан. Шундан сўнг унга мазкур гиёҳвандлик воситаларини етказиб берган жиноий шериги хорижий давлат фуқароси Қ.Р.ҳам ушланди.

Божхона ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида умумий оғирлиги 5 кг. 739 гр.дан ортиқни ташкил этувчи героин ҳамда опий гиёҳвандлик воситаларини ичига ютган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлган жами 7 нафар наркокурьерлар ҳамда мазкур жиноятларнинг асосий ташкилотчилари бўлган 3 нафар хорижий давлат фуқаролари қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур аниқланган барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлар қўзғатилиб, тергов органига юборилди.