«UZBAT A.O.» тамаки компанияси ва «Абдуллаев А. А.» якка тартибдаги тадбиркор Тошкентда таркибида никотин бўлган LYFT маҳсулоти рекламасида қонунчилик талабларини бузди, дея хабар берди Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати.

Бу ҳақда қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан назорат функциялари амалга оширилиши давомида маълум бўлди.

Шу муносабат билан, реклама берувчи «UZBAT A.O.» ҚК АЖ ва реклама тарқатувчи «Абдуллаев А.А.» якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатилди.

«Газета.uz»нинг қўмита матбуот хизматидан аниқлик киритишича, «Реклама тўғрисида"ги қонуннинг 6 (рекламага доир асосий талаблар), 13 (нотўғри реклама) ва 23- (тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар рекламаси) моддалари талаблари бузилган.

Пойтахтда энг камида куз ойларидан бошлаб ҳар икки томонига LYFT ёзуви туширилган юқори синфга оид автомобиллар ҳаракатланаётган, кўча экранларида эса «Тамакисиз никотин» ёзуви бўлган видеореклама намойиш этилаётган эди.