АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича бюроси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазони бекор қилиш ҳақидаги кўрсатмасини олқишлади. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс Twitter орқали маълум қилди.

«Биз Ўзбекистоннинг туҳмат учун қамоқ жазоси бекор қилиш режасини олқишлаймиз. [Ўзбекистон] президенти айтганидек, матбуот — ҳукумат фаолиятининг кўзгусидир. Демократия ОАВнинг эркин бўлишини талаб қилади. Умид қиламизки, янги қонун халқаро меъёрларга мос бўлади ва ОАВга тазйиқлардан қўрқмаган ҳолда изчил ва мустақил равишда ахборот узатишни кафолатлайди», — дейилади хабарда.

Яқинда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган қарорида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган нормани бекор қилиш масаласини ишлаб чиқишни топширган эди.

Ҳужжатда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунга журналистларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари ёки қарорларидан ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартишлар киритиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.