Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи дастури 18 декабрь куни тонгда Аичи префектураси губернатори Хидэки Омура билан учрашувдан бошланди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон ва Аичи префектураси ўртасида таълим ва маданият соҳасидаги самарали мулоқотлар йўлга қўйилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Инновациялар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва қўшма агрокластерлар ташкил этиш, туризм, академик алмашинув соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ лойиҳаларни илгари суриш учун имкониятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон томонидан префектуранинг шериги этиб Тошкент вилояти белгиланди. Ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва Аичидан авиақатновларни йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди.

Расмий ташриф билан Нагоя шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу шаҳар мэри Такаси Кавамура билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Нагоя мэрияси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи натижасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тошкентда Нагоя юқори технологиялар паркини ташкил этиш, иқтисодиёт, саноат, транспорт, таълим, туризм ва бошқа устувор йўналишларда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидан.

2020 йилга мўлжалланган қўшма тадбирлар «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Учрашув сўнгида Тошкент ҳокимлиги ва Нагоя мэрияси ўртасида Шериклик тўғрисида битим имзоланди.