Ўзбекистонда йўл қопламаларини сифатсиз таъмирлаганлик ва йўлларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун жарималар жорий этилмоқда. Олий Мажлис Сенатининг шанба куни бўлиб ўтган 25-ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритиш маъқулланди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

МЖТКнинг 147-моддаси биринчи қисми (Йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш, шунингдек йўл ҳаракатига қасддан халал бериш, шу жумладан йўл қопламасини ифлослантириш йўли билан халал бериш) автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларга сунъий нотенглик ва тўсиқлаш қўйиш, автомобиль йўлларида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик каби талаблар билан тўлдирилди.

Аввал мазкур модданинг биринчи қисмида кўзда тутилган қоидабузарлик учун энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима кўзда тутилган бўлса, эндиликда фуқаролар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 дан 3 бараваригача, мансабдор шахслар учун эса БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима жорий этилмоқда.

2019 йилнинг ўтган даврида олиб борилган таҳлилларга кўра, Тошкентда автомобиль йўлларида йўл ишларини ўтказишга 574 та рухсатнома берилган бўлса, 254 та ҳолатда йўл қопламалари сифатсиз тикланган ёки мутлақо тикланмаган, 110 та ҳолатда эса ишлар рухсатномасиз олиб борилган.

Тошкент вилоятида 27 та, Самарқанд вилоятида — 18, Сирдарё вилоятида — 11, Андижон вилоятида эса 20 та шундай ҳолатлар аниқланди.

Йўл-қурилиш ишлари устидан назорат инспекциясига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб, уни кўриб чиқиш ва ундирув қўллаш учун судга тақдим этиш ҳуқуқининг берилиши кутилмоқда.