Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 18 декабрдаги фармойиши билан Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва уни зудлик билан бартараф қилиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги.

Комиссияга эрталаб содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланди.

Фавқулодда ҳолат тафсилотлари ҳақидаги батафсил ахборот ҳозиргача эълон қилинмади. Жабрланганлар сони номаълум.

Ҳодиса жойида бўлган «Газета.uz» мухбири қидирув-қутқарув ишларини олиб бораётган мутахассислар билан боғлана олмади, ҳодиса ҳақидаги маълумотлар чекланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланганлар йўқ экани ҳақида маълум қилди. Айни вақтнинг ўзида қурувчилар «Газета.uz»га ўпирилишдан кейинги йўқламада беш киши тилга олинмаганини маълум қилди.

18:00 га яқин икки нафар ахборот манбаси шахсини очиқламаслик шарти билан «Газета.uz»га қидирув-қутқарув ишлари жараёнида энг камида бир жасад аниқлангани ҳақида хабар қилди.

Биз вазиятни кузатишда давом этамиз.