Давлат тўнтаришида айбланаётган Покистоннинг собиқ президенти Первез Мушаррафга нисбатан 17 декабрь куни ўлим жазоси тайинланди, дея хабар қилди Новости РАА Samaa телеканали маълумотларига таянган ҳолда.

Қарор махсус суд коллегияси томонидан чиқарилди: уч кишидан икки нафари олий жазо учун овоз берди.

Тергов маълумотларига кўра, Покистон раҳбари лавозимида 2001−2008 йилларда фаолият кўрсатган Мушарраф 2007 йилда давлат тўнтаришини амалга оширган. У фавқулодда ҳолат эълон қилиб, Олий суд аъзоларини қамоққа олишга кўрсатма берган. Ўшанда суд Первез Мушаррафнинг навбатдаги президентлик муддатига сайланишининг қонунийлиги масаласини кўриб чиқишни режалаштирган эди.

Мухолиф томонининг фикрига кўра, президент армия қўмондони лавозимини сақлаб турган ҳолда қонунни бузган: мамлакат Конституциясига кўра, ҳарбий хизматчиларнинг давлат раҳбари бўлиши мумкин эмас. Мамлакатдаги вазият нафақат президент ва мухолифат ўртасида кескинлашди, балки терактлар ҳам содир этилди. Мушарраф фавқулодда ҳолат эълон қилди. Конституциянинг амал қилиниши тўхтатилди, йирик шаҳарларда хусусий телеканаллар эфири, пойтахтда эса телефон тармоғи узиб қўйилди. Олий суднинг ўн етти аъзосидан етти нафари президент фармонини ноқонуний деб топди ва қўлга олинди.

Ҳукумат ташаббуси билан 2013 йилда Первез Мушаррафга қарши жиноят иши қўзғатилди. 2016 йил мартида эса Олий суд собиқ президентни мамлакатни тарк этиши тақиқланган шахслар рўйхатидан чиқарди ва 72 ёшли Мушарраф даволаниш учун БААга кетди. Шундан буён у Дубайда яшамоқда, тергов талқинига кўра, у суд қилинишдан яширинмоқда.