Ўзбекистонда япон тадқиқотчиси Кюдзо Като номидаги музей очилади, дея хабар қилди «Дунё» ахборот агентлиги. Бу ҳақда Токиода бўлиб ўтаётган «Ўзбекистон ва Япония Буюк ипак йўлида» халқаро анжумани доирасида Кюдзо Катонинг илмий меросига бағишланган кўргазмада маълум қилинди.

Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов 2020 йилда Кюдзо Като номидаги ёдгорлик мажмуаси ва музей барпо этилишини таъкидлаб ўтди.

Кўргазма очилишида Кюдзо Като тўғрисидаги «Ўзбекистон япон олими қалбида» асари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Япон археологи, антрополог, тарихчи ва этнограф, Япония Миллий этнология музейи фахриф профессори Кюдзо Като Ўзбекистон мероси, тарихи ва меъморий ёдгорликларини ўрганишга ихтисослашган эди. Бугун республикада унинг номидаги уй ва кўча мавжуд.

25 йилдан зиёдроқ вақт мобайнида Ўзбекистон Фанлар академияси ва бошқа илмий институтлар билан ҳамкорлик қилди, турли лойиҳаларда иштирок этди, Сурхондарё вилоятида (Далварзинтепа, Қоратепа, Холчаён, Фаёзтепа) археологик қазишмалар олиб борди. Унинг тадқиқотлари натижалари Ўзбекистон тарихи бўйича мактаб дарсликларидан ҳам ўрин олди. Тадқиқотчи ҳаёти давомида «Дўстлик» ордени билан мукофотланди, Ўзбекистон Бадиий академияси Санъатшунослик илмий-тадқиқот институти фахрий доктори унвонига лойиқ кўрилди.