Шанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 25-ялпи мажлисида солиққа тортиладиган базадан хайрия учун маблағлар ажратиб қолиш имкониятлари муҳокама қилинди. Сенатор Абдуқодир Тошқулов даромад солиини белгилашда ҳомийлик ва хайрия учун маблағлар ажратиб қолиш тартибларини жорий этишни таклиф қилди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев эса хайрия маблағларини назорат қилиш механизми мавжуд эмаслигини таъкидлади.

«Агарда жорий йилда 129 млрд сўм хайрияга ажратилган бўлса, уларнинг фақатгина 18 млрд сўми имтиёзли бўлди. Хайрия маблағларини назорат қилиш механизмининг ўзи йўқ. Агарда пуллар бюджетга тушса, бюджет маблағлари маҳаллий депутатлар назорати остида, маҳаллий ҳокимиятлар ва молия органлари доирасида харажат қилинади, яъни ғазначилик тамойили ишламоқда. Нархлар назорати мавжуд, маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш механизмлари мавжуд», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, назорат механизмининг йўқлиги бюджетга тушумларнинг қисқаришига олиб келиши мумкин.

«Бироқ хайрия учун маблағлар солиққа тортиладиган базадан ҳисобланса, барибир чегара ўрнатилади. Агарда чегаралари ўрнатилмаган ва солиққа тортиладиган базадан айириб олинадиган харажатлар назорат қилинмаса, катта эҳтимол билан бу ушбу базанинг тўлалигича шаклланмаслиги, бюджетга тушумлар тўлиқ шакллантирилмаслиги ва ушбу маблағларнинг бошқа мақсадларга йўналтирилишига олиб келиши мумкин», — дея қўшимча қилди у.