Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати шанба куни бўлиб ўтган 25-ялпи йиғилишида алоҳида давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига тузатишлар киритишни маъқуллади, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Прокуратура тўғрисида"ги қонуннинг 49-моддасига кўра, ҳозирда прокуратура органлари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарлик ва интизомий ножўя хатти-ҳаракат учун жавобгарлиги масаласи юқори турувчи прокурор томонидан ҳал этилади. Янги таҳрирда эса сўнгги банд бекор қилинди — эндиликда прокуратура ходимларини маъмурий жавобгарликка тортишда раҳбариятнинг рухсати талаб қилинмайди.

«Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонуннинг 37-моддасидан (Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг дахлсизлик кафолатлари) Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари тегишинча ДХХ раисининг, ДХХнинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари бошлиқларининг розилиги билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини кўзда тутган банди бекор қилинди.

Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгаришлар прокуратура ва ДХХ ходимларининг масъулиятини оширишга қаратилган.

Прокуратура ходимлари дахлсизлигини чеклаш Президент администрацияси топшириғида, ДХХ ҳарбий хизматчилари учун эса — президент Шавкат Мирзиёев топшириғида кўзда тутилган.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳам хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқига эга. Улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурори розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қўлга олиниши ва қамоққа олиниши мумкин эмас.