Ўзбекистонда давлат иштирокидаги корхоналар «ўз оёқлари остида ётган» имкониятлардан фойдаланаётгани йўқ, дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган йиғилишда.

Бугунги кунда давлат иштирокидаги 2819 та корхонанинг катта қисми эскирган усуллар асосида самарасиз фаолият кўрсатмоқда, натижада улар ҳатто дивидентларни ҳам тўлай олмаяпти, дея қайд этди давлат раҳбари.

«2020 йилда нималарга эътибор қаратишимиз лозим? Бизни оғир йил кутаяпти, чунки олдимизда катта синовлар турибди. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг тақдири қандай бўлади? Нима сабабдан биз ҳалигача давлат иштирокидаги корхоналарни боқиб келаяпмиз? Улар нима учун керак? Бешта корхона бор-йўғи 1,6 трлн сўм дивидент тўлади. Бу нима дегани?», — деди президент.

У мамлакат давлат иштирокидаги корхоналарнинг тайёр инфратузилмаларидан тўлақонли фойдаланмаётганини таъкидлади.

«Биз инвестицион жозибадорлик бўйича катта ишларни қилаяпмиз, инвестициялар жалб этаяпмиз. Давлат иштирокидаги корхоналар инфратузилма борми ёки йўқ? Тайёр бинолар борми ёки йўқ? Бироқ биз инвесторларни жалб қилаяпмиз ва янги инфратузилмалар барпо этаяпмиз — йўллар қураяпмиз, газ, электр ўтказаяпмиз, қурилиш-монтаж ишларини олиб бораяпмиз. Ўз оёғимиз остидаги имкониятлардан фойдаланмасдан, йўқларини излаяпмиз. 28 йил давомида бу соҳада ҳеч нарса қилмадик, десак ҳақиқатни айтган бўламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент тажрибасизлик Ўзбекистоннинг энг ожиз томони эканини таъкидлаб ўтди.

«Тажрибамиз йўқ — бу бизнинг энг нозик жойимиз. Давлат улушини ажратиб олиб, хусусийга бериш ёки инвестор жалб қилиш… ўхшамаётгандек. Туман, вилоят, республика ташкилотларининг мутасаддилари инвесторлар билан биргаликда ишлаши лозим. Агарда улар давлат иштирокидаги корхоналарни сотувга қўйса, мижозлар пайдо бўладими? Пайдо бўлади», — деб ҳисоблайди у.

Шавкат Мирзиёев 1642 та давлат унитар корхоналари Ўзбекистонга қандай фойда келтираяпти, деган саволни ўртага ташлади. Ваҳоланки уларнинг аксарияти «бўш».

«Тайёр бинолар, темир йўллари, энергия ва газ таъминотига эга, бўшаб ётган ва 30 фоизи ишлаётган жуда кўп корхоналар мавжуд. 2020 йилда давлат иштирокидаги ҳар бир корхона бўйича тўғри йўналишни топа олсак, ҳисоб-китоблар юритсак, кам харажат қилиб кўпроқ инвесторларни жалб эта оламиз. Кам харажат қилган ҳолда кўпроқ иш ўринларини очамиз. Кам харажат шароитида кўпроқ экспорт қила оламиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Аввалроқ худди шу йиғилишда президент Ўзбекистонда давлат иштироки ҳеч зарурат бўлмаган соҳаларда ҳам сақлаб турилганини маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик.