Бухоро вилоятининг Пешку туманида 23 ёшли Ш. З. мулкий манфаат бериш бўйича ўз зиммасига мажбурият олиш йўли билан («Молиявий пирамида») фуқароларнинг пул маблағлари ва мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, жорий йилнинг январь ойидан ноябрь ойига қадар 21 нафар фуқаронинг 633 400 доллари ва 22,5 млн сўм пулларини жалб этган. Уларнинг олдида олган мажбуриятларини янги жалб этилган пул маблағлари ҳисобидан қисман бажариб, фуқароларнинг 577 400 доллари ва 22,5 млн. сўмини қўлга киритган.

Шунингдек, фуқаро Ш. З. жиноий фаолияти давомида қўлга киритган маблағларининг асл хусусияти ва манбаини яшириш мақсадида 153 млн сўмга «Lada Vesta» русумли автомашина сотиб олиб, жиноий фаолиятдан олинган даромадини легаллаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш. З.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.