Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги «Кибержиноятларга қарши кураш бўлими» номидан порносайтларга кираётганлардан жарима талаб қилаётган киберфирибгарлар тўғрисида хабар қилди.

«Сўнгги пайтларда фуқароларимиз томонидан порнографик фото ва видео маҳсулотларни тарғиб қилувчи интернет ресурсларидан фойдаланиш жараёнида бошқа шу каби ресурсларга автоматик тарзда ўтиб кетиш орқали „Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши кураш бўлимидан билдиришнома“ сарлавҳаси остида сизиб чиқувчи ойнада фойдаланувчининг тақиқланган сайтларга киргани сабабли гўёки ИИВ томонидан у 200 000 сўм (айрим ҳолларда 300 000 сўм) миқдорида жаримага тортилгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлмоқда», — дейилади хабарда.

Фойдаланувчи WebMoney тизими орқали пул жўнатиши, акс ҳолда қурилмада сақланган контактларга фойдаланувчининг порнографик фото ва видео маҳсулотлар жойлаштирилган интернет ресурсларидан фойдалангани ҳақида маълумотлар юборилиши айтилади.

Шу билан бирга, фойдаланувчиларнинг интернет веб браузери блокировка ҳолатига тушиб қолмоқда.

ИИВ вазирлик таркибида «Кибержиноятларга қарши кураш бўлими» йўқлигини маълум қилди. Бундан ташқари, ИИВнинг WebMoney тизимида электрон кармонлари ҳам мавжуд эмаслиги баён қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.