Санкт-Петербург (Россия) Биринчи Ғарбий округ ҳарбий суди сешаба куни 2017 йилнинг апрелида метрода теракт содир этганликда айбланаётган 11 кишига нисбатан 19 йилдан умрбод қамоқ жазосигача бўлган чораларни тайинлади. Айбланувчилардан ҳеч бири айбини тан олмади, ҳимоя томони уларнинг оқланишини сўради, дея хабар қилди «Бумага» нашри.

2017 йил 3 апрель куни «Сенная площадь» ва «Технологический институт» станциялари ўртасида портлаш содир бўлган эди. Ҳодиса натижасида 16 киши, жумладан худкуш вафот этди, 100 дан зиёд киши жароҳатланди. Айблов томони портлашни 22 ёшли қирғизистонлик Акбаржон Жалилов содир этган, ўша куни метрога 2 та қўлбола портловчи ускунани олиб кирган, деб ҳисоблайди. «Площадь Восстания» станциясидан топилган бомба зарарсизлантирилган. Тергов талқинича, учинчи портловчи ускунани у шерикларига берган.

Суд Қирғизистон фуқароси бўлган Аброр Азимовни теракт ташкилотчиси сифатида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Акрам Азимов ва Муҳаммадюсуф Эрматовга 28 йилдан, Иброҳимжон Эрматовга — 27 йил, Содиқ Ортиқовга — 22 йил, Дилмурод Муидинов, Азамжон Маҳмудов, Муҳаммадюсуф Мирзаалимовга — 20 йилдан қаттиқ тартибли колонияда, Шоҳиста Каримовага 20 йил муддатга умумий тартибли колонияда, Сайфулла Ҳакимов ва Баҳром Эргашевга 19 йилга қаттиқ тартибли қамоқ жазоси тайинланди. Уларнинг барчаси 500 дан 800 минг рублгача миқдорда жаримага ҳам тортилди.

Бундан ташқари, суд метрополитеннинг 695 минг рубллик фуқаролик даъвосини ҳам қаноатлантирди.

Терактга Қирғизистон фуқароси бўлган Сирожиддин Мухторов буюртма бергани маълум қилинди. Жиноят иши материалида қайд этилишича, у 2013 йилда Сурияда «Катиба Таухид вал-Жиҳад» террористик ташкилотига асос солади ва Жалиловни жалб этади, ташкилотнинг иккинчи раҳбари — Бобиржон Маҳбубов — янги келганларни тайёрлайди.

Тергов талқинига кўра, Аброр Азимов худкушга пул жўнатиб, портлаш олдидан унга маслаҳатлар бериш учун у билан қўнғироқлашади. Суд мажлисида Азимов терактга алоқадор эканини рад этиб, кўрсатмаларни тазйиқлар остида берганини сўзлади. Айблов томони у икки йил аввал терактга тайёрларликни бошлаб юборгани, бунга Москва вилоятида ётоқхонадаги қўшнилари Шоҳиста Каримова ва Содиқ Ортиқовни ҳам жалб қилганини маълум қилди.

Айбловчи томон терактдан кўзланган мақсад Россияни Сурияга ҳарбий ёрдам кўрсатишдан қайтариш эканига ишонч билдирмоқда. Ҳимоя томони эса жиноят мотивлари охиригача аниқланмаганини маълум қилди.