Ўзбекистон ва Эрон 2016 йил ўртасидан буён илк бор мунтазам авиақатновларни амалга оширишни бошлади. Zagros Airlines авиакомпанияси 9 декабрь куни Airbus A320−214 самолётида «Теҳрон-Тошкент-Теҳрон» йўналиши бўйича биринчи парвозни амалга оширди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида рейс йўловчилари тантанали равишда кутиб олинди.Фото: Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур йўналишдаги парвозлар ҳафтада бир марта амалга оширилади. Кейинроқ улар частотаси ҳафтасига икки мартагача оширилиши мумкин.

Фото: Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

«Ўзбекистон ва Эрон ўртасида мунтазам парвозларнинг тикланиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки беради», — дейилади Транспорт вазирлиги хабарида.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаролик авиацияси агентлиги Zagros Airlines авиакомпаниясига ноябрда Теҳрон ва Тошкент орасида парвозларни амалга оширишга рухсат берган эди. Ўшанда рейслар Airbus A320, McDonnell Douglas MD-82 ва MD-83 лайнерларида амалга оширилиши хабар қилинган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга 3124 нафар Эрон фуқароси ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 25 фоизга (2507) кўп демакдир.