Ўзбекистон Бош прокуратураси ота оналарнинг болаларини тарбиялаш ва ўқитишдаги мажбуриятларини бажармаганлари учун жавобгарликни ошириш ҳамда педагоглар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Лойиҳада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) кўзда тутилган жарималар миқдорини оширишни таклиф қилмоқда:

  • Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 5 бараваригача (ҳозирда — БҲМнинг 0,5 дан 3 бараваригача) жарима солишга сабаб бўлади;
  • Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача жарима (ҳозирда — БҲМнинг 3 дан 5 бараваригача);
  • Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш — БҲМнинг 10 дан 15 бараваригача (ҳозирда — БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача;
  • Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — БҲМнинг 15 дан 25 бараваригача жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ҳужжатда МЖТКга Таълим муассасасининг педагогик ходими касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи янги 197−5-моддани киритиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Таълим муассасасининг педагогик ходими касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш — фуқароларга БҲМнинг 5 дан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 7 дан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — фуқароларга БҲМнинг 7 дан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 дан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, таълим муассасасининг педагогик ходими касбий фаолиятига ноқонуний аралашилган ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилинган тақдирда, таълим муассасасининг педагогик ходими маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

Асослар

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, 23 август куни таълим масалаларига бағишланган йиғилишда президент назорат органига ота оналарнинг бола тарбиясидаги жавобгарлигини ошириш бўйича чораларни кўришни топширган.

Ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда МЖТКнинг 47-моддаси бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқиш юзасидан суд амалиёти таҳлил қилинди. Натижада мазкур соҳада ҳуқуқбузарликлар сони ўсгани маълум бўлди.

Жумладан, Олий суд тақдим этган маълумотларга кўра, юқоридаги модданинг биринчи ва иккинчи бандлари бўйича 2017 йилда 644 нафар шахсга нисбатан 495 та иш кўриб чиқилган бўлса, 2018 йилда 1132 нафар шахсга нисбатан 998 та иш кўриб чиқилган.

Ҳужжат лойиҳаси 21 декабрга қадар давом этади.