Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 декабрь куни «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат ташкилотларида (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) эскирган бюрократик усулларда иш юритиш, шу жумладан, ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш даражасининг пастлиги, қоғозбозлик ҳажмининг юқорилиги, шунингдек, амалий аҳамиятга эга бўлмаган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ўтказиш амалиёти сақланиб қолмоқда.

Қарор билан бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда шакллантирилади ва амалга оширилади. Бунинг учун 2020 йил 1 мартга қадар давлат органларидаги барча ходимлар ва раҳбарлар электрон рақамли имзо билан таъминланади.

Бундан ташқари, 1 январдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қуйидагиларни назарда тутувчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланади:

  • технологик, ўрмон-мелиорация, агротехник, гидротехник, санитария-техник тадбирларни келишиш;
  • бузилиши учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган, жамоат тартибини сақлаш масалалари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек, табиий офат ва эпидемиялар билан курашиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш;
  • атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг турғун манбалари томонидан атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариш бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасида назарда тутилган шартлар ва талаблар бузилиши билан боғлиқ фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш;
  • ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш;
  • бозор фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича қарор қабул қилиш.

1 январдан президент ва ҳукумат ҳужжатлари билан тузилган алоҳида идоралараро коллегиал органлар тугатилади. Уларнинг айрим ваколатлари тегишли давлат органларига ўтказилади.

Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига икки ой муддатда вақтни тўғри ташкил этиш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш технологиялари (time management), бюрократия, қоғозбозлик ва йиғилишлар ўтказиш амалиётини бекор қилиш бўйича ўқув дастурини ишлаб чиқиш ҳамда, Академия ва унинг филиалларида давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ва раҳбарлари учун курсларни келишилган муддатларда ташкил этиш топширилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур қарор талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳамда аниқланган қоидабузарликларни кенг ёритиш тавсия қилинди.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш республика маркази давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида мазкур қарор талабларига риоя қилиш ҳолати бўйича аноним сўровномалар ўтказади.