Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) Ижро қўмитаси Россияни тўрт йил муддатга йирик халқаро мусобақалардан четлаштирди, дея хабар берди «Р-Спорт».

Россия антидопинг агентлиги (РУСАДА) WADA Мувофиқлик қўмитаси (CRC) тавсиялари асосида Жаҳон антидопинг кодексига мувофиқлик мақомидан маҳрум қилинди.

Эндиликда ушбу давлатга тўрт йил давомида халқаро мусобақаларни ўтказиш тақиқланди, йирик мусобақаларда фақатгина «тоза» спортчилар нейтрал мақом остида қатнашишлари мумкин. Россия терма жамоалари ўз байроқлари остида иштирок эта олмайди.

Олимпия қўмитаси олий раҳбариятига, жумладан ижро қўмитасининг барча аъзоларига тўрт йил давомида йирик мусобақаларга бориш тақиқланди.

«Барчаси қайғули якунланди, бироқ кутилган эди. WADA ижро қўмитаси барча тавсияларни қабул қилди, улар бир овоздан қабул қилишди, қўллаб-қувватлаган ёки рози бўлмаган бир киши ҳам бўлмади», -деди РУСАДА директори ўринбосари Маргарита Пахноцкая Новости РААга.

Унинг сўзларига кўра, россиялик спортчилар ва мураббийлар жаҳон антидопинг кодексига риоя қилмасликка алоқадор эмаслигини исботлаган тақдирда, халқаро мусобақаларга қатнаша олишлари мумкин.

РУСАДА 21 кун давомида WADA қарорига қарши даъво киритиши мумкин. Агарда РУСАДА апелляцияга беришдан бош тортса, буни Россия Олимпия қўмитаси ва Россия Паралимпия қўмитаси, шунингдек, халқаро спорт федерациялари раҳбарлари амалга оширишлари мумкин.

WADA 2015 йил ноябрида Россия кўп маротаба антидопинг қоидаларини бузганини маълум қилиб, Москвадаги антидопинг лабораторияси фаолиятини тўхтатган эди.