5 декабрь куни Тошкентда «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) марказий офиси очилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Адлия вазирлиги. Муассаса аҳолига бепул юридик маслаҳатлар бериб, амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.

«Мадад» ННТ Вазирлар Маҳкамасининг 6 сентябрдаги қарори билан ташкил этилган. Ташкилотга туманларда (шаҳарларда) шу номдаги юридик маслаҳат бюроларини очиш топширилган. Бундан ташқари, «Мадад» апрелда ишга туширилган Advice.uz миллий ҳуқуқий портали фаолиятини ҳам таъминлайди.

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда муассасанинг 14 та ҳудудда 28 та туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилди. 2020 йилда жойларда яна 100 та шундай маслаҳат бюролари очилади. Келгусида босқичма-босқич равишда ҳар бир туманда маслаҳат бюролари ташкил этилиши режалаштирилган.

«Мадад» бюроси фаолияти халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатларни қисқартириш ҳамда улар сонини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, улар ёрдамида аҳолини бепул юридик хизмат билан қамраб олиш даражасини 50 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.