Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шанба куни Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган маросимда миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқлари ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш вақти келганини маълум қилди.

«Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари, кадрларни қайта тайёрлаш марказларида „Инсон ҳуқуқлари“, „Бола ҳуқуқлари“, „Аёллар ҳуқуқлари“ номли махсус ўқув курсларини жорий этишнинг вақти-соати келди, деб ўйлайман», — деди давлат раҳбари ўз нутқида.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантиришимиз лозим, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ўтган уч йилда жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тизими яратилди. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди. Тинтув жараёнини, олинган кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видео тасвир орқали қайд этиш шартлиги қонуний асосда белгиланди, деди президент.

Бироқ аҳоли билан мулоқотлар ҳуқуқ бузилиши хавфи бўлган бошқа ҳолатлар бўйича ҳам шундай чораларни қўллаш зарурлигини кўрсатмоқда, дея таъкидлади давлат раҳбари. Хусусан, шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарур.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши керак. Буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, президент шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтишни таклиф қилди. Бу жараёнда инсон омили иштирокини иложи борича камайтириш лозим, деди у.

2020 йилдан бошлаб прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилади. Шу орқали суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида мувозанатни, яъни ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш имкони яратилади. Бундай муҳим ўзгариш ҳам бизнинг тажрибамизда биринчи марта жорий этилмоқда, дея маълум қилди давлат раҳбари.

«Сир эмас, илгари прокуратура идоралари ниҳоятда ёпиқ, назоратдан холи бир органга, таъбир жоиз бўлса, охирги инстанцияга айланиб қолган эди. Бунинг оқибатида қанча-қанча одамлар ноҳақ жабр чеккани, адолатсизликка дучор бўлгани ҳам айни ҳақиқат. Қанчалик оғир ва нохуш бўлмасин, биз шу ҳақиқатни тан олиб, бу соҳада қонунийлик ва адолатни қарор топтиришга киришдик», — деди президент.

Прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш бўйича ривожланган демократик мамлакатларда амал қиладиган бундай тажрибани жорий этиш ҳаётимизда адолат мезонини мустаҳкамлашда улкан қадам бўлади, дея ишонч билдирди у.

Шавкат Мирзиёев судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш энг устувор вазифа эканини таъкидлади. Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим, деди у.

Президент кейинги пайтда Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти суд, прокуратура, ички ишлар идоралари фаолиятидаги камчиликларга тааллуқли эканини маълум қилди. Шуни инобатга олиб, ушбу идоралар халқ билан ишлашнинг мутлақо янги тизимини яратиши зарурлиги таъкидланди. Ҳар бир ариза ва шикоятнинг қонуний ечими ана шу идоралар раҳбарлари фаолиятига берилган баҳо бўлиши айтиб ўтилди.

«Бундай янги ўзгаришларни аввало, халқимиз, жумладан, юртимизда қонун устувор эканига ишониб сармоя киритаётган чет эллик ҳамкорларимиз ҳар томонлама ҳис қилишларини истардим», — деди давлат раҳбари.