Президент Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади. У ўз нутқининг бир қисмини қонун устуворлиги ва жамоатчилик назоратини таъминлашга бағишлади, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ, деди давлат раҳбари.

«Халқимиз қонун бузилишига қарши қаттиқ турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар қанчалик уринмасин, қонун устуворлигини таъминлаш қийин бўлади. Бугун жамоатчилигимиз том маънода уйғонди, энди турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин ифода этишга ўрганмоқда», — дея таъкидлади у.

«Фуқароларимиз ва депутатларимиз билдирган фикрлар асосида мактабларга мебель ва компьютерлар харид қилиш учун бюджет харажатларини қисқартириш ҳисобидан 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилди. Бундай ижобий ҳолат бизнинг тажрибамизда биринчи марта юз бераётганини алоҳида қайд этиш лозим», — деди президент.

«Авваллари бюджет тақдим қилинган, депутатлар нима дейишларидан қатъи назар ҳеч нарса ҳисобга олинмаган. [Бироқ бу сафар] улар шарт қўйишди. Акс ҳолда [бюджет тўғрисидаги қонун] қабул қилинмаслигини айтишди… Қандай катта ишларни бошлаганимизни ўзингиз кўриб турибсиз. Бироқ оддий одамлар олдида қанча муаммоларимиз бор? Бунга кўз юмиб бўладими? Ҳеч қачон. Биз катта завод қурамиз, лекин одамлар эҳтиёжлари билан боғлиқ муаммоларни ҳозирча ҳал қила олмаймиз. Мактабларда, мактабгача таълимда, йўл, газ, чироқ… яна қанча муаммоларимиз бор. Барчангиз уч йил ичида буларнинг ҳаммасини дарҳол қилиб бўлмаслигини билишингиз керак. Хоҳиш, албатта, бор, бироқ вақт, тушуниш, сабр талаб қилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича ишларни давом эттириш, болаларни эрта ёшдан шу руҳда тарбиялаш лозимлигини таъкидлади. У нима учун давлат бюджети бундан кейин президент қарори эмас, балки қонун сифатида қабул қилинишини эслатиб ўтди.

«Ўзим бунинг ташаббускори бўлганман. Бюджетни президент имзоламайди, у Олий Мажлисда қонун кўринишида қабул қилинади. Нима учун? Халқ фикри устувор бўлиши керак. Давлат, халқ бюджетнинг ҳар бир сўмидан хабардор бўлиши лозим. Маблағлар қаерга сарфланмоқда? Қандай мақсадларда? Бу мақсадлими ёки йўқ? Нима учун бюджет қонун кўринишида қабул қилинмоқда? Бу нимани англатади? Бу қонунни авваллари вазирлар… катта бюрократлар қилганидек эмас, балки ҳеч ким хоҳлаганича ўзгартира олмаслигини англатади. Халқ талаб қилмоқда — демак бу амалга оширилиши керак!» — деди давлат раҳбари.

«Қанча кўп талаб қилсак, депутатлар ҳам, ижроия ҳокимияти ҳам ўзгаришга мажбур бўлади. Чунки халқ буни талаб қилмоқда. Аммо биз одамларимизнинг ҳуқуқий онгини, уларнинг талабчанлигини оширишимиз зарур», — дея қўшимча қилди у.

Президентнинг фикрига кўра, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг ошиши жамиятда масъулият ва алоқадорлик ҳиссининг ўсишига ижобий таъсир қилади.

«Мана, мен ҳар куни депутатларнинг мунозараларини кўраман. Улар кечаги номзодлар эмас. Депутатлар ўзгармоқда. Тасаввур қилинг-а, бир йилда, икки йилда, уч йилда, беш йилда, депутатлар ижро этувчи ҳокимиятни туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида ишлашга қандай мажбур қилишни ўрганадилар. Бизнинг жамиятимиз қандай ўзгаради», — деди у.

Шавкат Мирзиёев жамоатчилик назорати «бир томонлама восита»га айланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади. «Давлат идоралари фақат фуқароларга эмас, балки ўзларига нисбатан танқидий фикрларни ҳам адолат билан, холис кўриб чиқишлари лозим».

Давлат раҳбари президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси 2020 йилда ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан тизимини яратишга бош-қош бўлиши ва ташаббус кўрсатиши лозимлигини маълум қилди.

«Конституцияга кўра, судлар ўз фаолиятида мустақилдирлар. Бироқ уларни халқ чинакамига назорат қилиши лозим… Шуни аниқ тушуниб олиш лозимки, жамоатчилик назорати — бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир», — деди президент.