Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида умра зиёрати соҳасида йиғилиб қолган тизимли муаммоларни ҳал қилиш зарурлиги тўғрисида баёнот берди.

Қўмита баёнотида Дин ишлари бўйича қўмитанинг Саудия Арабистонига зиёратга боришни хоҳловчи фуқаролар ҳукумат томонидан кўрсатилаётган «расмий, хавфсиз ва ишончли» хизматлардан фойдаланишга чақирилган баёнотига жавоб тариқасида эълон қилинди.

26 ноябрь куни Андижон вилоятидагисайёҳлик фирмаси орқали Жиддага йўл олган 14 нафар Ўзбекистон фуқароси визалари сохта бўлиб чиққани сабабли депортация қилинди.

Туризм қўмитаси ўз баёнотида қайд этишича, жаҳон тажрибасидан маълумки, зиёратчилар учун умра сафарларини ташкил этиш ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган талаблар асосида хусусий сектор вакиллари томонидан амалга оширилади. Биргина Туркия (156 та), Индонезия (101 та), Малайзия (71 та) ва қўшни Қозоғистон (30 тага яқин) мамлакатларида қонунчилик билан мустаҳкамланган аниқ тартиб-таомил асосида туризм фаолияти субъектлари томонидан умра зиёратлари ташкил этиб келинади.

«Бунинг натижасида эса, мазкур зиёратни амалга оширишга қодир бўлган кишиларнинг йиллаб навбат кутиши, сафар нархининг асоссиз кўтарилиши, фуқароларнинг айланма йўллар орқали зиёратни амалга ошириши ва тадбиркорлик субъектларининг яширин иқтисодиёт вакиллари сифатида сафарларни ташкил этиши каби нохуш ҳолатларга барҳам берилган», — дейилади баёнотда.

Қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистонда умра сафарларини амалга оширишни хоҳловчилар сонининг кўплиги ҳамда амалдаги тартиб асосида уларнинг хоҳиши тўлақонли қондирилмаётганлиги сабабли минглаб фуқароларимиз мавжуд тартибни четлаб ўтган ҳолда туризм ташкилотлари ва бошқа воситачи шахслар орқали муқаддас зиёратларини ташкиллаштиришига олиб келмоқда.

Қайд этилишича, 2018−2019 йилги мавсумда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қанча фуқароларимиз «Умра» зиёратини амалга оширган бўлсалар, деярли шунча фуқароларимиз Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, БАА каби мамлакатлар орқали «Умра» сафарини амалга оширишган.

«Бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш фақатгина турли чекловларни ўрнатиш орқали эмас, балки фуқароларимизда муқаддас зиёратларни амалга оширишга бўлган эҳтиёжнинг катталигини инобатга олган ҳолда, уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг мавжуд тартибни четлаб ўтишларини олдини олиш мақсадида „Умра“ зиёратларини бозор муносабатлари ва фуқароларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкиллаштириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади», деган таклифни илгари сурди Туризм қўмитаси.