Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида судланувчилар Самарқанд ҳокимининг собиқ ўринбосари, вилоят бош архитекори лавозимида ишлайдиган Бобир Элмурадов (1983 й. т.), Afrosiyob Strоy Servis компанияси раҳбари Камолиддин Шукуров (1977), «Дилшод Таъмир Дизайн» хусусий корхонада бош муҳандис лавозимида ишлайди, «Капитал қурилиш дирекцияси» давлат корхонасининг собиқ раҳбари Темур Халикулов (1960)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг «Газета.uz»га хабар қилишича, мазкур очиқ суд жараёни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Зарифа Ахмедова раислигида кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz»га берган маълумотларига кўра, жиноят иши Самарқандда 26 та ноқонуний қурилган уйни бузиш бўйича 7,5 млрд сўм иқдоридаги товон пулининг тўланиши билан боғлиқ.

Бобир Элмурадов 2017 йил 3 октябрдан 2019 йилнинг 12 мартига қадар Самарқанд ҳокимининг саноат, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган ҳамда шаҳарда қурилиш меъёрлари ва қоидаларига риоя этилишига жавобгар ҳисобланган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 июндаги «2017−2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори 10-банди ижроси юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2017 йил 27 декабрдаги 2158-Қ-сонли қарорига кўра, Samarqand city туризм зонасини қуриш мақсадида (собиқ «Алпомиш» МЧЖ ҳудудидаги давлат захирасига олинган) 13,84 га ер майдони ажратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 октябрдаги 01−02/1−856 сонли баёнида Samarkand city сайёҳлик ҳудудига туташ ҳудуддаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган турар ва нотурар-жой объектларини хатловдан ўтказиб, уларни белгиланган тартибда бузиш бўйича ишларни жадаллаштириш белгиланган.

Сўнгра Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2018 йил 1 ноябрдаги 2093-Қ сонли «Самарқанд шаҳрининг сайёҳлик потенциали ва шаҳарсозлик консепциясини ривожлантириш муносабати билан турар ва нотурар-жой бино-иншоотларни бузишга рухсат бериш тўғрисида"ги қарорига асосан Зебинисобегим кўчаси 58-манзилдаги 26 та хонадон бузилишга тушган.

Мазкур кўчада истиқомат қилувчи 26 та хонадон эгаларининг уйлари махсус лицензияга эга бўлган Voluation баҳоловчи ташкилоти хулосаси асосида бузилишга тушган 26 та хонадоннинг умимий қиймати 7,5 миллиард сўмга баҳоланган. Ушбу баҳолаш хулосаси бўйича Самарқанд шаҳар Молия бўлими томонидан ТИФ Миллий банк Самарқанд филиалида 26 нафар фуқаролар номига очилган пластик карта ҳисоб рақамларига тўловлар тўлиқ тўлаб берилган, дея қайд этди вилоят Қурилиш бош бошқармаси «Газета.uz»га.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, Бобир Элмурадов ўша вақтда Самарқанд ҳокими ўринбосари сифатида Зебинисобегим кўчасида Samarkand City туризм зонаси ташкил этилишини билган ҳолда Afrosiyob Strоy Servis компаниясига иккита уч қаватли уй қурилишини тўхтатиш учун зарурий чораларни кўрмаганликда айбланмоқда.

Бундан ташқари, Бобир Элмурадов Зебинисобегим кўчаси аҳолисининг турар жойлар қурилиши тўғрисидаги шикоятлари бўйича 2018 йил 13 март куни маҳалла фаоллари билан учрашиб, турар жой қурилиши ноқонуний эканини таъкидлаган. Бино ҳужжатларини мактабгача ташкилоти сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисида баённома тузилиб, унинг ижроси Бобир Элмурадовнинг ўзига топширилади. Ҳоким ўринбосари раислик қилган Самарқанд шаҳар Объектларни фойдаланишга топшириш давлат комиссияси 2018 йил 6 июнда турар жойлар сифатида ноқонуний қурилган биноларни қабул қилиш тўғрисидаги актни қабул қилади, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарорига кўра ноқонуний қурилган иншоотлар учун товон пули тўланмайди. Шунга қарамасдан, Бобир Элмурадов Зебинисобегим кўчасидаги уйларда яшовчи аҳолига 7 млрд 555 млн сўм миқдорида товон пули тўлаш тўғрисидаги ҳужжатларга имзо чекади.

Самарқанд ҳокимининг буйруғи асосида Afrosiyob Strоy Servis компанияси Мирзо Улуғбек кўчасида яшовчи 18 нафар фуқарони улар яшаётган эски уйлар ўрнида кўп қаватли бинолар қурилиши муносабати билан уй-жой билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Компаниянинг мутасадди раҳбарлари Зебинисо кўчасида ноқонуний уйлар қуриб, у ерга 18 нафар фуқарони кўчириб ўтқазади. Бинолар бузилганидан кейин улар бюджетдан 7 млрд 553 млрд сўм миқдорида товон пулига эга бўлади, дейилади хабарда.

Айблов моддалари

  • Бобир Элмурадов — Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси 2-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 228-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 3-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш; ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш);
  • Камолиддин Шукуров — Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 228-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 3-қисми, 184-моддаси 3-қисми (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш кўп миқдорда содир этилган бўлса), 189-моддаси 1-қисми (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 227-моддаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш), 28,205-моддаси 2-қисми «а» банди (жиноят иштирокчиларининг турлари), 28,209-моддаси 1-қисми (мансаб сохтакорлиги);
  • Темур Халикулов — Жиноят кодексининг 205-модда 2-қисм «а» бандида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Суд жараёни давом этмоқда — ҳозирда суд тергови ва гувоҳларни сўроқ қилиш ишлари ўтказилмоқда.

Августда суд Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраевни Жиноят кодексининг бир қатор моддалари бўйича айбдор деб топилиб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.