Ўзбекистон Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги истеъмол саватчаси ва яшаш минимуми бўйича тажриба якунларини қўрқиш эмас, эҳтиёткорлик сабабли эълон қилмаяпти. Бу ҳақда ўтган шанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 24-ялпи мажлисида иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Ходжаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, истеъмол саватчаси ҳажмини белгилаш ва унинг асосида яшаш минимумини аниқлаш методологияси ишлаб чиқилган. Ҳозирда методология бир қатор ҳудудлар, жумладан Тошкент ва Фарғона вилоятларида синовдан ўтказилмоқда.

«Биз фақатгина халқаро тажрибаларга таянмадик, балки шаҳарлар, қишлоқлар ва бошқа ҳудудлар кесимида тарихий ва бошқа нуқтаи назарлардан мамлакат ичидаги истеъмолни ҳам ҳисобга олдик», — деди Ботир Ходжаев.

Вазир тажриба турли ижтимоий-демографик гуруҳлар — болалар, меҳнатга лаёқатли фуқаролар, пенсионерлар билан ўтказилаётганини маълум қилди.

Синов ишлари 2019 йил 1 январда бошланган, натижалар эса ҳар чорак якунида Вазирлар Маҳкамасига киритилмоқда.

«Қайд этиш жоизки, бу барча давлатлардаги халқаро амалиётда қўлланилаётган методика эмас. Бу МДҲнинг айрим давлатларида қўлланилаётган методология ва тажриба. Масалан, Қозоғистон, Россия ва бир қатор давлатларда. Агарда Россия тажрибаси олинса, у ҳолда яшаш минимуми ва энг кам ойликни аниқлаш учун тахминан 10 йил талаб қилинган. Бу икки кўрсаткични (истеъмол саватчаси ва яшаш минимумини) тенглаштириш учун бир неча йил керак бўлади», — деди Ботир Ходжаев.

Тажриба натижалари нима учун эълон қилинмаётгани ҳақидаги саволга Ботир Ходжаев қуйидагича жавоб берди: «Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги натижаларни эълон қилишдан қўрқаяптими ёки эҳтиёт бўлаяптими? Ўйлайманки, эҳтиёт бўлмоқда».

Вазир барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар инфляцияга кучли таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб ўтди. У 2020 йил ва кейинги икки йилда 2019 йилдаги 15,5 фоиздан 2022 йилда 9,5 фоизгача пасайиши кутилаётганини эслатиб ўтди.

«Албатта, истеъмол саватчаси ва яшаш минимумини ҳисоб-китоб қилишда инфляция муҳим рол ўйнайди… Бу рақамлар (тажриба якунлари — таҳр.) Тошкент ва Фарғона вилоятларига тегишли. Агарда биз уларни эълон қилсак, ҳар бир киши, ҳар бир [демографик] гуруҳ уни ўзида синаб кўради. Бу тўғри изоҳ ва таҳлилларни беришда мураккабликни келтириб чиқаради. Йил якунлари бўйича ишлар якунига етганидан сўнг биз ҳукуматга ҳисоботларни топширамиз», — дея хулоса ясади вазир.