2019−2020 ўқув йилида қишки таътил олий таълим муассасалари талабалари ҳамда академик лицей ва коллежлар ўқувчилари учун 20 декабрдан 6 январгача давом этади. Янги йилда машғулотлар 6 январь кунидан бошланади, дея хабар қилди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Бу талабалар Ўзбекистон Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларда ўз яшаш жойларида овоз бера олишлари учун қилинди. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари раислигида ўтказилган йиғилишда бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинди.

5−22 декабрь ҳамда 1−6 январь кунлари Uzbekistan Airways ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари табалалар учун чипталарни ички рейсларда 50 фоизлик чегирма билан сотади. Компанияларга талаба ва ўқувчилар учун қўшимча жойлар сони кўпайтириш ва уч кун муддатда олий таълим муассасалари раҳбарияти томонидан тавсия этилган жойларда сайёр кассалар ташкил этиш топширилди.

Қишки таътил давомида ОТМлар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида мавжуд бўлган барча тўгараклар, спорт-соғломлаштириш бўлимлари, секциялари ва клублари тўлиқ фаолият кўрсатади.