«Ўзнефтгазинспекция» 22-ноябрь кунидан 1 декабргача Тошкент вилоятидаги 72 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида (АГТКШ) текширув ўтказди. Ўрганишларда «Ҳудудгазтаъминот» газ таъминоти корхонасига жами 30 млрд 441 млн сўм зарар келтирилганлиги аниқланди, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги ва инспекция матбуот хизматлари.

Эксперт хулосасига кўра, газ ҳисоблаш ускуналарига қасддан ташқи таъсир кўрсатилган — ҳисоблагичларга уларга уланган компьютерлар ёрдамида шохобчага кириб келаётган табиий газни ҳисобга олиш конфигурациясига ўзгартиш киритилган.

Мажбурий ижро бюроси ходимлари Янгийўл туманидаги «Юксак самара метан газ» станциясига 1,2 млрд сўм, «Равнақ газ метан сервис» — 979,2 млн сўм, «Ҳамкор газ сервис» — 1,8 млрд сўм, Бекободдаги «Пегас петролиум газ» станциясига — 1,5 млрд сўм, Оҳангарон туманидаги «Оптима газ сервис» станциясига — 1,8 млрд сўм, Юқоричирчиқ туманидаги «Оққўрғон эко газ» станциясига — 604,8 млн сўм, Ўртачирчиқ туманидаги «Тўйтепа воҳа газ» станциясига — 756 млн сўм, Қибрай туманидаги «Дийдор» станциясига — 1,1 млрд сўм, Чиноз туманидаги «Эко газ оил» станциясига — 1,6 млрд сўм, Ангрендаги «Интенсив газ компрес» стацинясига — 1,5 млрд сўм ва Ангрендаги «Янгийўл метан газ» станциясига — 3,5 млрд сўмлик далолатномаларни расмийлаштирдилар.

Бундан ташқари, Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида ҳам табиий газ талон-тарож қилингани ҳолатлари қайд этилди. Жумладан, PROMEDGAZ станцияларида 972 млн сўм, «Боғдон газ сервис»да — 648 млн сўм, «Илин газ оил»да — 777,6 млн сўм, «Зиё нур метан сервис»да — 11,4 млрд сўмлик маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Қашқадарё вилоятидаги «Шаймардон бобо Пўлат ўғли» (1,3 млрд сўм) ва Бухоро вилоятидаги «Ромитан транс инвест» (246 млн сўм) метан қуйиш станцияларида ҳам табиий газ талон-тарож қилингани аниқланди.

Текширув натижалари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.