Миллий банклараро процессинг мракази (МБПМ) ва Mastercard халқаро тўлов тизими 3 декабрь куни Humo тизимида Mastercard халқаро карталари орқали тўловларни қабул қилиш ишга туширилгани ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда МБПМ матбуот маркази «Газета.uz»га хабар қилди.

Эндиликда Mastercard карталари эгалари бутун мамлакат бўйлаб товар ва хизматлар учун тўловларни HUMO карталарига хизмат кўрсатадиган терминаллар орқали амалга оширишлари мумкин.

«Булутли янгиланиш туфайли функционални ишга тушириш учун банкка бориб ўтиришнинг ҳожати йўқ: HUMO терминаллари Mastercard тўловларини қабул қилиш учун тайёр», — деди МБПМ директори Шуҳратбек Қурбонов.

Бугунги кунда Mastercard эгалари бутун Ўзбекистон бўйлаб 170 мингдан ортиқ терминаллар орқали маҳсулот ва хизматлар учун тўловларни амалга ошира оладилар. Комиссия миқдори сотувчилар учун жами тўловнинг 1 фоизи, карта эгалари учун эса 1,5 фоизни ташкил этади.

Аввалроқ Mastercard карталарини қабул қилувчи 800 дан ортиқ банкоматлар фойдаланишга топширилгани хабар қилинган эди.