Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Сенат ялпи мажлисида нутқ сўзлади.

«Бошқарув соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳал қилувчи йўналиши бу — давлатнинг иқтисодиётга тўғридан-тўғри аралашувини қисқартиришдир. Замон иқтисодиётда ҳукумат улуши катта бўлган тизимнинг рақобатбардош эмаслигини кўрсатди. Шу боис, маъмурий бошқарув ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кўрсаткичи ва унинг асосий йўналиши — хусусийлаштириш ва монополияга барҳам беришдир.

Бу соҳада охирги уч йил мобайнида катта ўзгаришлар рўй берди. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги 86 та лицензияланадиган фаолият тури ва рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинди. Натижада, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар сони 25 фоиз кўпайди. Кўп тармоқларда рақобат ортди: шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари, мебель, текстил маҳсулотлари ишлаб чиқаришда. Аввал юқори даражада монополиялашган қурилиш материаллари, кабель маҳсулоти ва пул ўтказиш хизмати каби соҳада якка ҳукумронликка барҳам берилди. Умуман, мамлакатда монопол корхоналар сони икки баробар қисқарди.
Аммо бу соҳада ўз ечимини кутаётган тизимли масалалар кўзга ташланмоқда.

Товар ва молия бозорларида давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар мавқеи баланд. Улар монополияларнинг 80 фоизини ташкил қилмоқда ва ўз назоратлари остида бўлган тузилмалар ташкил этиб рақобатга салбий таъсир кўрсатмоқдалар. Бугун бундай корхоналар сони 4,3 мингдан ортиқни ташкил этади.

Давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг самарасизлиги субсидия бериш, солиқ ва божхона имтиёзлари, имтиёзли кредитларни тақдим этиш шаклидаги давлат кўмаги билан қопланмоқда.

Молия ва капиталлар бозорларида давлат иштироки баландлигича сақланиб қолмоқда. Ушбу ҳолат ўз навбатида манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармоқда ва бозор механизмларини ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Банк секторининг 83 фоизи давлат иштирокида фаолият кўрсатади. Тармоқ регуляторлари рақобатни ривожлантиришда сустлигича қолмоқда.

Табиий монополиялар томонидан қўлланадиган нархларни шакллантириш усули харажатларни тежаш ўрнига уларни кўпайтиришни рағбатлантиради.

Бизнес субъектлари учун бозорга чиқишда сунъий тўсиқлар ҳали-ҳануз мавжуд. Натижада Жаҳон банки маълумотларига кўра тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф оқими паст даражада сақланиб қолмоқда. Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон 180 та мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади.

Бу вазиятда, ҳукумат товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш Стратегияси бўйича «Йўл Харитасини» қабул қилишни тезлаштириш керак. Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқкан ҳолда, бу соҳадаги фаолият юзасидан Сенат мунтазам равишда Монополияга қарши курашиш Қўмитасининг ахборотини эшитиш амалиётини жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ушбу мавзуга оид яна бир масала бу хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимояланганлиги ва дахлсизлигини таъминлашдир. Уни ҳал қилмасдан хусусий ички ва хорижий инвестицияларни иқтисодиётга тўлақонли ва кенг кўламда жалб қилиш имконяти йўқ", — деди Содиқ Сафоев.