Uzbekistan Airways 2019 йилнинг 31 декабридан 2020 йилнинг 2 январига қадар Янги йил байрами нишонланадиган муддатга республика ичидаги авиақатномлар учун чегирмалар эълон қилди. Бу ҳақда ташувчи матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Чегирмалар ҳам Ўзбекистон фуқароларига, ҳам чет эл фуқароларига тақдим этилади. Бунинг учун авиачипталар мамлакат ҳудудида сотиб олиниши лозим.

Байрам чегирмалари қуйидаги шахсларга тақдим этилади:

  • Якка йўловчиларга — 30%;
  • Сайёҳлик гуруҳлари (беш кишидан бошлаб), мактаб ўқувчилари, коллеж, лицей ва ОТМлар талабалари, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, ДХХ, ДСҚ, ДБҚ ва бошқа идоралар тизимидаги махсус таълим муассасалари ўқувчилари ва тингловчиларига — 40%;
  • Оилаларга (икки кишидан бошлаб — эр ва хотин; эр, хотин ва уларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари; ота ёки она 18 ёшгача фарзандлари билан) — 50%;
  • Пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган инсонлар — 50%;
  • 1941−1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилганлар, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши йишлларида орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар — 50%;
  • Чернобиль АЭС фалокати оқибатларини бартараф этишда иштирок этган шахслар — 50%.

Чегирмали авиачипталарни Uzbekistan Airways савдо шохобчаларидан чегирма олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда сотиб олиш мумкин.