Ўзбекистон Бош прокуратураси ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизматлари 1 декабрь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 16 кишилик оиланинг ис газидан заҳарлангани тўғрисидаги хабарлар юзасидан расман баёнот берди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази маълумотномасига таяаниб хабар беришича, Ғ.Бердиевнинг 7 нафар оила аъзосида «ис газидан ўткир заҳарланишнинг енгил даражаси» ташхиси ва қонларидан 9−14 фоиз даражада ис гази миқдори аниқланиб, уларга токсикология бўлими томонидан тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, фуқаро Ғ.Бердиевнинг қолган 9 нафар оила аъзоларининг қонидан 6−8 фоиз даражада ис гази миқдори аниқланган бўлса-да, ўткир захарланиш ташхиси қўйилмаган.

Барча беморларга тегишли тез-тиббий ёрдам кўрсатилган ва яшаш манзилига амбулатор даволаниш учун қайтарилган.

Мазкур ҳолат бўйича Қибрай туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ҳудудгазтаъминот» баёнотида эса «Қибрайтумангаз» филиали ходимлари томонидан хонадондаги барча газ жиҳозлари ва қувурлари қатъий назоратдан ўтказилгани, хонадонда газ сизиб чиқиши ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларига олиб келувчи сабаблар мавжуд эмаслиги қайд этилди.

Фақат, хонадонга ўрнатилган иситиш мосламасининг жойлашуви тасдиқланган техник режага зид равишда, ўзбошимчалик билан ўзгартириб олингани аниқланиб, дарҳол газ таъминотидан узилган. Хонадон эгаси ўзи истиқомат қилувчи ҳудудда газ таъминотида узилишлар бўлмаганлиги ва газ таъминоти корхонасига ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилди.

Суриштирувлар натижасида, воқеа аслида бир кун аввал меҳмондорчилик учун хонадонга келган қариндошларнинг қўлбола консерва махсулотларини истеъмол қилиши натижасида 7 фуқаро жумладан, икки аёл ва 5 та бола озиқ-овқатдан заҳарланиб шифохонага ётқизилгани аниқланди.