Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп эълон қилинмаган ташриф билан Афғонистонга келди, дея хабар қилди New York Times нашри.

Хабарда қайд этилишича, 28 ноябрь куни Дональд Трамп Шукроналик кунини Кобул шимолидаги «Баграм» авиабазасида ҳарбий хизматчилар билан биргаликда нишонлади.

Учрашувда АҚШ президенти толиблар билан Афғонистондаги вазиятни ўнглаш бўйича музокаралар қайта тикланиши тўғрисида маълум қилди.

Бундан ташқари, Дональд Трамп Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Томонлар афғон республикасида «Толибон» ҳаракати иштирокида ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этишни муҳокама қилди.

«Толибон келишувга эришишни хоҳлаяпти, биз улар билан учрашамиз. Биз бундай келишув бўлмагунча ёки батамом ғолиб бўлмагунча [бу ерда] қоламиз, улар эса („Толибон“ — таҳр.) бундай келишувга эришишни жуда хоҳлашмоқда», — деди Трамп Ашраф Ғани билан учрашувда.

АҚШ президенти Афғонистондаги Америка қўшинлари сонини 12000−13000 нафардан 8600 кишига камайтириш мақсадида эканини тасдиқлади.

The Washington Post нашри бу Дональд Трампнинг Афғонистонга уюштирган биринчи сафари эканини маълум қилди.