Россиянинг National Geographic Traveler журнали 28 ноябрь куни Москвада шу номдаги мукофот якунларини эълон қилди. Ўзбекистон жами овоз берувчиларнинг 40 фоизлик овозини тўплаган ҳолда «Йил кашфиёти» йўналишида ғолиб бўлди, дея хабар қилди Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Мукофот Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадовга топширилди. Ушбу тоифада биринчилик учун Арманистон, Уммон, Тайван ва Руминия ҳам кураш олиб борди.

Танлов 29 июнь-31 октябрь кунлари 24 та йўналиш, жумладан, саргузаштлар, этник хордиқ, экскурсион, экологик, тоғ-чанғи, соғломлаштириш хордиғи ва гастрономик туризм бўйича давом этди.

Овоз беришда 450 мингдан зиёд киши иштирок этди. Ўтган йили худди шу танловда Ўзбекистон ўқувчиларнинг 34 фоиз овозини тўплаган ҳолда «Гастрономик туризм» номинациясида биринчи ўринни қўлга киритган эди.