Чоршанба куни «Ўзбекистон 24» телеканалида сайловолди дебатлари жонли эфирга узатилаётган вақтда электр узилиши натижасида беш дақиқага тўхтаб қолди. Дебатлар Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази базасида бўлаётган эди.

Шайхонтоҳур туманидаги студияда чироқ 11:58 да ўчди ва экран қоп-қора бўлиб қолди. Телеканал бир неча сониядан сўнг бошқа бир лавҳани эфирга узатди. Орадан беш дақиқа ўтиб, 12:03 да эфир қайта тикланди. Бу вақтда экран остида: «Жонли эфирда алоқадаги узилишлар учун узр сўраймиз» ҳаракатдаги сатрлар намойиш этилди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Миллий телерадиокомпанияси ва Тошкент метрополитенини электр энергияси билан таъминловчи «Шайхонтоҳур-1» электр нимстанциясида қисқа муддатли носозлик сабабли электр узатишда узилиш содир бўлганини хабар қилди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» хабарига кўра, МСКнинг Халқаро матбуот марказини электр энергияси билан таъминловчи «АТС-2» фидери кучланиш остида ўчиб қолган, автомат улаш ускунаси эса ишламаган.