Ўзбекистон Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги «Ёғоч-қириндили плиталар ҳамда уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, импортни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори лойиҳасини жамоат муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, республикада сўнгги йилларда ёғоч-қириндили плиталар (ДСП) ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқариш бўйича муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, хусусан, қамиш ва ғўзапоя каби маҳаллий ўсимликларни қайта ишлаш йўли билан импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари яратилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган кимёвий хом-ашёлар нархининг ошиб кетаётганлиги ҳамда хорижий давлатлардан келтирилаётган ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турлари импорт улушининг юқорилиги ва уларнинг импорт нархларини сунъий равишда пасайтириш ҳолатлари ички бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг рақобатбардошлигига салбий таъсир қилмоқда.

Натижада, ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқариш бўйича ҳудудлардаги бир нечта йирик лойиҳалар истиқболсиз ва иқтисодий самарасиз ҳолатга келиб қолмоқда.

Республикада ДСП ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ўз вақтида ишга тушириш ва импортни тартибга солиш мақсадида:

  • импорт қилинаётган ДСП нархларини таҳлил қилиш ва божхона тўловларини тўлиқ тўланишини таъминлаш учун уларга базавий нархларини белгилаш;
  • 2020 йил 1 январдан бошлаб ДСП ишлаб чиқарувчи корхоналарга муайян инвестицион мажбуриятлар асосида, атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда табиий қамишзорларни 10 йилдан кам бўлмаган муддатга бепул фойдаланишга бериш тизимини жорий этиш;
  • «Навоийазот» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган «формалин 37%» ҳамда «Maxam-Chirchiq» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган «карбамид А» маҳсулотларига қўлланилаётган нархларни таҳлил қилиш ва монопол юқори нарх қўллаш ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўриш.

Бундан ташқари, республикага импорт қилинаётган 1 метр куб ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларига (ТИФ ТН коди 4410) 2020 йил 1 январдан бошлаб қатъий 25 доллар ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб қатъий 30 доллар миқдорида акциз солиғи жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, 2020 йил 1 январдан 2022 йил 1 январига қадар қамиш, ғўзапоя ва бошқа маҳаллий ўсимликлардан ДСП ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни ишлаб чиқариш фаолияти бўйича фойда солиғи, ер ва мол-мулк солиғи, ишлаб чиқариш учун зарур бўлган техника воситалари, асбоб-ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод қилиш кўзда тутилмоқда.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг 11 апрелдаги қарори билан ДСП ишлаб чиқарувчилари 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан озод қилинган эди.