Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 28 ноябрь куни амалий ташриф билан Тошкентга келди. Ташриф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар билан бошланди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, икки давлат раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар ва уларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Президентлар ушбу тадбирнинг минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши хусусида якдил фикр билдирдилар.

Музокаралардан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон раҳбарининг китоблари — илмий асарлари кўргазмаси билан танишди.

Ушбу китоблар мамлакатимиз илмий-академик доиралари ва ижодий жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотганини таъкидлаш лозим. Мазкур ташриф арафасида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қатор китоблари — «Бахтли ҳаёт соғлиқдан бошланар», «Маданият — халқнинг бебаҳо хазинаси», «Барҳаёт афсона», «Чой — шифо ва руҳий қувват манбаи» номли асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилган эди.

Давлат раҳбари Туркманистон президентига Ўзбекистонда чоп этилган Гурбангули Бердимуҳамедов китобларининг илк нусхаларини совға қилди.