Россиянинг «КамАЗ» компанияси сешанба куни Самарқанд вилоятида иккинчи йиғиш линиясини фойдаланишга топшириб, ишлаб чиқариш қувватини икки баробарга — йилига 3000 та юк машинасига қадар оширди, дея хабар қилди UzAuto компанияси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

2018 йил мартида «КамАЗ» Самарқанд вилоятидаги UzAutoTrailer ишлаб чиқариш майдончаларида юк кўтариш қобилияти 10 тоннадан 36 тоннагача бўлган 11 та моделни йиғишга киришди. Юк машиналари Евро-3 ва Евро-4 стандартларига жавоб берувчи 240 дан 401 тагача от кучига эга двигателлар билан таъминланган. Йиғиш майдончасининг ишлаб чиқариш қуввати йилига 1500 та юк машинасини ташкил этар эди.

Очилиш маросимида Татаристон президенти Рустам Минниханов ҳамда «КамАЗ» бош директори Сергей Когогин иштирок этди.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, янги линия жами 7400 квадрат метр майдонни эгаллаб, ишлаб чиқаришни йилига 3000 та юк машинасига қадар оширди. Шу ернинг ўзида «КамАЗ» шассисига газ баллонларини ўрнатиш участкаси ҳам ташкил этилган.

Янги линия очилиши доирасида UzAutoTrailer ва «КамАЗ» устав фонди 5 млн доллардан иборат Kаmaz Asia Leasing қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таъсис ҳужжатлари ҳам имзоланди.

«Қўшма корхона „ягона дарча“ режимида лизингга „КамАЗ“ автомобилларини сотиб олишда суғурта, телеметрия ускуналарини ўрнатиш, онлайн хизмат кўрсатиш ва лояллик дастурини ўз ичига олган комплекс маҳсулотларни таклиф этади», — дея қўшимча қилди UzAuto.

Айни вақтда Ўзбекистонда «КамАЗ» автомобиллари парки 14 минг донага яқинни ташкил этади.