Чоршанба куни ҳайдовчилар Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги «Тежамкор Метан Газ» автомобилларга газ тарқатиш шохобчаси фаолияти тўхтатилгани сабабли М-34 «Тошкент-Гулистон» автомобиль йўлини тўсиб қўйди.

Ноябрь ойи бошидан буён ижтимоий тармоқларда газ тарқатиш шохобчаларида узунлиги бир неча юз метр бўлган навбатлар пайдо бўлгани тасвирланган фотосуратлар пайдо бўлмоқда. Ёқилғи тақчиллиги сабабли ҳайдовчилар навбатларда бир неча соатлаб кутиб қолмоқда.

Видео

Tas-Ix (Mover) орқали томоша қилиш

Сирдарё вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматининг хабар қилишича 27 ноябрь куни пойтахтдан Гулистонга бориш йўлининг 84-километрида йўл тўсиб қўйилган. Бир неча ҳайдовчи шохобча фаолиятининг тўхтатилганидан норозилик билдириб, ўриндиқлар ёрдамида йўлни тўсиб қўйган.

Воқеа жойига Сирдарё вилояти ЙҲХБ ва Сирдарё тумани ИИБ масъул ходимлари етиб борган. Метан газ тарқатиш шохобчаси вакилларининг билдиришича, газ тарқатиш шаҳобчаси вақтинча газ бериш тўҳтатилганлиги, хайдовчилар эса кечадан бери навбат кутиб турган бўлган. Соат тахминан 11:00 ларда «Ўзнефтгаз» инспексияси, Мажбурий ижро Бюроси, «ЎзТрансгаз» агентлиги ходимлар томонидан табиий газнинг қонуний сарфланишини текшириш мақсадида газ ҳисоблаш мосламаларини «Ўзстандарт» агентлигига текшириш учун олиб кетган.

Масъул ходимлар томонидан олиб борилган тушунтириш ишларидан сўнг йиғилган ҳайдовчилар тарқатилиб, тахминан 4−5 дақиқа ичида йўлда ҳаракат тикланган ва газ тарқатиш шохобчаси иш фаолиятини давом эттирган.

ЙҲХБ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда халқаро ва давлат аҳамиятига эга йўллар атрофида жойлашган автомашиналарга газ тарқатиш шохобчаларининг ҳар бирига йўл ҳаракатини тартибга солиш ва тирбандликларни келтириб чиқармаслик мақсадида Йўл патрул хизмати ходимлари бириктирилди.

Аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Нукус тумани Шортанбай овули аҳолиси ҳам табиий газ етказиб берилмаётгани сабабли автомобиль йўлини тўсиб қўйган эди. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам табиий газ ва электр энергияси етказиб беришда узилишлар кузатилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.