2019 йил 15 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Зомин тумани судида судья Ш. Шамшиев раислигида айбланувчи Ш. Жумабоевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Zarnews.uz хабар берди.

2019 йил 24 август куни соат 16:30 ларда Зомин туманида фуқаро Ш. Жумабоев маст ҳолатда бошқарувидаги давлат рақам белгиси 25 Z 841 AA бўлган «ЗИЛ-130» русумли автомашинани бошқариб келаётиб, йўлнинг кескин бурилиш жойида бошқарувни йўқотади.

Оқибатда йўлнинг ўнг четида ҳаракатланиб кетаётган, вояга етмаган пиёдалар — 2005 йилда туғилган Д.У. ва 2013 йилда туғилган Д.Н.ни автомашинасининг олд қисми билан уриб юборади.

Ҳайдовчи жабрланганларга ёрдам кўрсатмасдан, воқеа жойидан қочиб кетади. Д.У. олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этади. 6 ёшли Д.Н. эса тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Суд ҳукмига кўра, айбланувчи Ш. Жумабоевга 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.