Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2018−2019-йиллар давомида 24 та олий таълим муассасасини аттестациядан ўтказди, дея хабар қилди инспекция матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Маълумот учун: айни вақтда мамлакатда 95 та ОТМ ва уларнинг филиаллари, жумладан бир нечта хусусий ОТМ ҳамда 21 та хорижий ОТМларнинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Улар қаторидан ҳарбий ва олий диний таълим муассасалари ўрин олмаган.

Таҳлилларга кўра, 24 та ОТМдан 10 таси (41,7%) «Аттестациядан ўтди» деб эътироф этилди ва аккредитацияланди. 13 таси (54,2%) эса «Аттестациядан шартли ўтди» деб эътироф этилди ва уларга камчиликларни бартараф этиш учун 1 йил муддат берилди. 1 та ОТМ (4,2%) — Бухоро муҳандислик-технология институти аттестациядан ўтмади.

Таълим йўналишлар ва магистратура мутахассисликлари аттестацияси натижаларига қуйидаги кўриниш олди. 426 та таълим йўналишларидан 288 таси (67,6%) ўтди, 138 таси (32,4%) — ўтмади. 282 та магистрлик мутахассисларидан 242 таси (85,8%) аттестация қилинди, 40 таси (14,2%) ўтмади. 186 та ОТМдан кейинги мутахассисликдан 132 таси (71%) ўтди, 54 таси (29%) ўтмади.

Давлат инспекцияси жорий йилнинг сентябрь ойида 22 та ОТМ ва 5 та илмий тадқиқот муассасаларининг аттестациядан ўтмаган таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари ҳамда ихтисосликларини қайта аттестациядан ўтказди. Қайта аттестация натижасига кўра 40 та таълим йўналишидан 17 таси (42,5%), 17 та магистратура мутахассислигидан 4 таси (23,5%) ўтмади. Улар бўйича қабуллар тўхтатилди.

ОТМлар ва илмий-тадқиқот институтлари аттестацияси жадвалига кўра, 2020 йилда давлат комиссияси 30 та олий таълим ва илмий муассасаларни аттестациядан ўтказиши лозим.