22−23 ноябрь кунлари Самарқандда Invest in Samarkand X Халқаро инвестицион форум ва вилоят маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг Made in Samarkand миллий кўргазмаси бўлиб ўтди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати. Биринчи бор ташкил этилган форум ишида 31 давлатдан 310 дан ортиқ вакиллар қатнашди.

Форум доирасида Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси ҳамкорлигида Самарқанд вилояти ҳокими ва Испания қироллик клуби — Мадриднинг «Реал» жамоаси раҳбари билан Самарқандда ушбу клубнинг академиясини очиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Йирик хорижий инвесторлар билан Самарқанд халқаро аэропортини қуриш ва ундан фойдаланиш, замонавий аттрационлар ва кенг форматли, IMAX кинотеатрли истироҳат боғи, автобус техника воситалари ишлаб чиқариш, «IT истироҳат боғи», «Сити», бизнес марказлари, сайёҳлик мажмуалари бўйича ва бир қатор ижтимоий-гуманитар лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Форум якунлари бўйича ўтказилган брифингда Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов халқаро инвестиция форумида умумий миқдори 1,7 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 234 та келишув битимлари имзолангани қайд этди.

Жумладан, 1 млрд 543 миллион АҚШ доллари миқдорда 53 та инвестицион битимлар имзоланди. Шундан, маҳаллий тадбиркорлар инвестициялари қиймати 126,8 миллион АҚШ доллари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар қиймати эса 1 млрд 416 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Хитойнинг Nanyang PuKang Yunlong Pharmaceutical co.ltd корпорацияси ва Каттақўрғондаги PUKANG ZHIYAO ўртасида фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича («Маккажўхоридан доривор ёғ ишлаб чиқариш» лойиҳаси, қиймати 70 миллион АҚШ доллар) келишувга эришилди.

Хитойнинг Huatong Cable inc корхонаси ва «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ўртасида «Текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш» бўйича қиймати 30 миллион АҚШ долларлик лойиҳа имзоланди.Жанубий Кореянинг M.Pharm Corp ва Самарқанд туманидаги «Корейская страна» корхонаси фармацевтика соҳасида қиймати 20 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳани биргаликда амалга оширадиган бўлди. Шу билан бирга форум давомида умумий қиймати 181 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 61 та экспорт шартномаси имзоланди.

Самарқанд шаҳридаги «Зарафшон текстил» корхонаси ва Россиянинг «Август» корхонаси ўртасида трикотаж ва жинси маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 20 миллион долларлик битим тузилди. Тойлоқ туманидаги Bro Bins корхонаси ва Туркиянинг Shark Yildizi ширкати ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 5 миллион долларлик шартнома имзоланди.

Булунғур туманидаги Samarqand Garden Plast корхонаси эса Афғонистоннинг «Мусин Амири» корхонаси билан 9 миллион долларлик ана шундай келишувга эришди.

Умуман, форум давомида саноат йўналишида умумий қиймати 1 млрд 70,3 миллион АҚШ доллари бўлган 46 та битим, хизмат кўрсатиш соҳасида 464,8 миллион долларлик 10 та битим, қишлоқ хўжалиги соҳасида 189,1 миллион долларлик 58 та битимлар имзоланди.