Иқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсига кўра 2020 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмининг реал ўсиши 5,2−5,5 фоизни ташкил этиши, 2021−2022 йилларда 5,5−5,8 фоизгача тезлашиши прогноз қилинмоқда. Ўзбекистон Марказий банки эълон қилган Инфляцион таргетлашга ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини амалга оширишнинг 2020 йил ва 2021−2022 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари тўғрисидаги баёнотда бу ҳақда сўз боради.

Аввалроқ эълон қилинган «Фуқаролар учун бюджет» лойиҳасида 2020 йилда соф ЯИМ ўсиш суръатлари 5,5 фоиз, 2021−2022 йилларда эса 5,8−6,2 фоиз даражасида прогноз қилинган эди.

Марказий банк 2020 йилда инфляцион таргетлашга ўтиши ҳақида ҳам хабар берилган эди. Инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратиладиган кредитлар қолдиғининг ўсиш суръатлари ЯИМ номинал ҳажмини ўсиш суръатларига мутаносиб равишда, жумладан, 2020 йилда 20−25 фоиз атрофида (валюта курси ўзгаришларини ҳисобга олмаганда) бўлиши кутилмоқда.

Солиқ-бюджет соҳасида умумий фискал баланс тақчиллигининг маълум миқдорда қисқариши ҳамда давлат ташқи қарзининг белгиланган параметрлар доирасида шаклланиши кутилмоқда. Умумий фискал баланснинг 2020 йилда ЯИМга нисбатан 2,7 фоиздан ошмаслиги, 2022 йилга қадар босқичма-босқич 1,5 фоизгача пасайиб бориши ва келгуси йилларда ушбу даражада сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Қатъий пул-кредит сиёсати юритилиши ва фискал баланс тақчиллигининг қисқариб бориши шароитида хусусий ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ошиши иқтисодий ўсишнинг прогноз кўрсаткичларига эришилишига хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра келгуси йилларда тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобварағи манфий сальдоси ЯИМга нисбатан 2020 йилдаги 7 фоиздан 2022 йилда 5,9 фоизгача пасайиб боради. Ушбу тақчилликнинг асосан ташқи молиявий манбалар, хусусан, инвестицион ресурслар ҳисобидан қопланиб бориши натижасида валюта алмашув курсига сезиларли девальвацион босимни юзага келтирмаслиги кутилмоқда.

Асосий сценарий бўйича йиллик инфляция даражаси 2020 йил охирида 12−13,5 фоиз оралиғида бўлиб, 2021 йилда бир хонали сон даражасига тушади ва 2023 йилда эса асосий 5 фоизлик таргетга эришилади.

Ушбу сценарийга кўра, ташқи иқтисодий шароитларнинг жорий тенденциялари сақланиб қолиб, асосий савдо ҳамкор давлатлар иқтисодиётида кескин ўзгаришлар юзага келмайди ҳамда асосий экспорт товарлари нархлари ва трансчегаравий пул ўтказмалар ўсишининг ижобий динамикаси сақланиб қолади.

Прогнозларга кўра инфляция бўйича доимий мақсадли кўрсаткичга эришиш мақсадида пул-кредит сиёсатининг қатъий шароитлари сақланиб қолинади ва бунда иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалар таъминланади.

Асосий йўналишларда инфляцион таргетга эришиш ва пул-кредит сиёсати инструментлари, механизмлари ва жараёнларини инфляцион таргетлаш режими стандартларига мувофиқлаштириш бўйича амалга ошириладиган барча чора-тадбирлар батафсил ёритилган. Хусусан:

операцион механизмни ривожлантириш соҳасида:

асосий фоиз ставкаси ва фоиз коридори, пул-кредит сиёсати операцион механизмининг самарали ишлашини таъминловчи бозор инструментлари тўплами, шу жумладан, кредит ва депозит аукционлари, овернайт депозит ва кредитлар жорий этилади ҳамда зарур ҳолларда Марказий банк облигациялари муомалага чиқарилади;

ички валюта бозорини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган бўлиб, бунда тижорат банкларининг валюта курси шаклланишида маркет-мейкер сифатидаги ролини босқичма-босқич ошириб бориш, валюта интервенцияларини ўтказишга бўлган ёндашувни такомиллаштириш, шунингдек, ҳосилавий инструментларни (своп, опцион ва фьючерслар) жорий этиш масалалари инобатга олинган;

имтиёзли кредитлаш амалиётини бозор тамойиллари асосида қайта кўриб чиқиш орқали кредит бозоридаги сегментация даражаси пасайтириб борилади;

таҳлилий-прогнозлаш салоҳиятини ошириш соҳасида:

макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш тизими (FPAS) ва замонавий моделлаштириш инструментлари жорий этилади;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ва инфляция омилларини эмпирик моделлар асосида доимий ўрганиб бориш услублари ишлаб чиқилади.

коммуникация сиёсатини такомиллаштириш соҳасида:

кенг жамоатчилик ва бизнес вакилларига инфляциянинг асосий омиллари ва пул-кредит сиёсати чораларининг ўз вақтида етказилишини кўзда тутувчи коммуникация сиёсатининг замонавий тамойиллари ишлаб чиқилади;

бозор иштирокчилари билан мулоқот қилишнинг самарали механизмларини татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар йўналишлари белгиланди.

Шунингдек, банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси доирасида тижорат банкларини аҳоли ва бизнес вакилларининг жамғармаларини инвестицияларга айланишига, иқтисодиётда узоқ муддатли пулларнинг шаклланишига хизмат қиладиган молия инстутитларига трансформация қилиш бўйича ишлар амалга оширилади.

Банк тизимида молиявий барқарорликни таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган хатарлар эҳтимолини камайтириш мақсадида макропруденциал назоратнинг самарали чоралари ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Инфляциянинг номонетар омилларини пасайтириш мақсадида уларнинг ҳар бири бўйича чуқур ва ҳар томонлама таҳлил амалга оширилади ҳамда ишлаб чиқилган таклифлар кейинчалик Ҳукуматга ва тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борилади.

Бундан ташқари, келгуси йилларда монетар-фискал ва таркибий сиёсат соҳасидаги ислоҳотларни самарали мувофиқлаштириш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича ўтказиладиган Марказий банк бошқаруви йиғилишлари сони бир йилда 4 тадан 8 тага ошириш графиги тасдиқланди ва бошқарув йиғилишларини шанбадан пайшанба кунига ўзгартирилди.

Шу муносабат билан, 2019 йилнинг 26 ноябрь куни соат 11−00 да ОАВ вакиллари учун Марказий банк ва Молия вазирлиги раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ташкиллаштирилмоқда.

Пул-кредит сиёсатининг 2020 йил ва 2021−2022 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари тўлиқ матни Марказий банк веб-сайтида жорий йилнинг 30 ноябрига қадар эълон қилинади.