Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан 19 ноябрь куни ИИВ Қоровул қўшинлари собиқ қўмондони генерал-майор Дмитрий Панга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди .

Қайд этилишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 301-моддаси 1-қисми (Бошлиқ ёки бошқа мансабдор шахснинг ўз ҳокимият ёки хизмат мавқеини суиистеъмол қилиши, ҳокимият ёки хизмат ваколати доирасидан четга чиқиши, шунингдек ҳокимият ҳаракатсизлиги Қуролли Кучларнинг манфаатларига, ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

23 ноябрь куни Дмитрий Пан Жиноят кодексининг айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, Тошкент ҳарбий судининг ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида «қамоққа олиш» қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 18 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Ўзбекистон ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муҳиддин Жўраев ва бошқа бир қатор масъул ходимлар лавозимидан озод қилингани ҳақида хабар берилган эди.