29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади, дея хабар қилди ЎзА.

Саммит кун тартибидан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Томонлар, шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга оид долзарб масалалар юзасидан фикр алмашадилар.

Марказий Осиё давлатларининг Маслаҳат учрашувини доимий равишда ўтказиш тўғрисидаги ташаббус Ўзбекистон президенти томонидан 2017 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди. Биринчи саммит ўтган йилнинг март ойида Нур-Султонда (Қозоғистон) бўлиб ўтди.

Саммитда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам иштирок этади (биринчи учрашувда у қатнашмаган). Шу мақсадда Гурбангули Бердимуҳамедов 28−29 ноябрь кунлари Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлади.

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболларини муҳокама қиладилар ҳамда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилишининг боришини кўриб чиқадилар.