Эртага Тошкентда илк бор ММА бўйича GFC 20 турнири бўлиб ўтади. Турнир олдидан «Форумлар саройи»да матбуот анжумани
бўлиб ўтди. Бу ҳақда Olamsport хабар берди.

Тадбирни Ўзбекистон ММА ассоциацияси президенти Отабек Умаров очиб берди. У Ўзбекистонда ММАга алоҳида эътибор бўлишини қайд этди.

Анжуманда Ҳабиб Нурмагомедов, унинг отаси ва мураббийи Абдулманап Нурмагомедов ва бошқалар иштирок этишди.

-ММА ҳамжамияти Ўзбекистонга нигоҳ қаратди. Ҳабибнинг келиши ҳам эътиборни кучайтирди. Келажакда ҳам юртимизда шундай йирик турнирлар ўтказиладими?

-Мен яна бир бор GFC 20 турнирини Тошкентда ўтказишга рози бўлганликлари учун раҳмат айтаман. Бу бошланиши. Келажакда дунё миқёсида ўзбек спортчиларини кўтарилиши учун, тажрибали инсонлар билан бирга ривожлантирмоқчимиз. Келажакда юртимизда, ҳар бир вилоятларда йиғинлар ўтказиш, жаҳон миқёсидаги мусобақаларда иштирок этишни мақсад қилиб қўйганмиз. Бундан кейин ҳам катта мусобақаларни Тошкентда ва бошқа вилоятларда ўтказишни мақсад қилиб қўйганмиз.

Ҳабибга савол: Ўз жангларингиздан бирини «Ҳумо Арена»да ўтказган бўлармидингиз?

— «Ҳумо Арена» UFC ўтказиш учун мос келади. Масалан, Москвада 11 минг киши сиғадиган ЦСКА Аренада ўтказдик. «Ҳумо» эса жаҳон савиясидаги арена ва унга 12 минг одам сиғади. У ерда бемалол йирик мусобақаларни ўтказса бўлади. Агар UFC жангни шу ерда ташкил этса, мен албатта шу ерда жанг қиламан. Агар келажакда Ўзбекистон ММА федерацияси бу борада UFC билан келиша олса, мен жон-жон деб бу ерда жанг қилган бўлардим. Доғистонда бундай савиядаги арена йўқ. Шунинг учун, «Ҳумо»да жанг қилишга қарши эмасман.

ТАСС мухбири: Сиз нафақат GFC, балки бошқа промоушенлар билан ишлаш ниятингиз борми?

Отабек Умаров: Биз юртимизга бошқа юлдузларни ҳам таклиф қилмоқчимиз. Улар нафақат фахрий меҳмон, балки жанг қилиш учун ҳам Ўзбекистонга келишади. Биз мартабали инсонларга таклифнома жўнатганмиз. Кўпчилик вақтига қараб юртимизга ташриф буюрди. Мамлакатимизга шунингдек Рой Жонс ва Жефф Монсон ҳам ташриф буюрган.