Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Тутли қишлоғида уй шароитида консерва қилинган помидордан заҳарланган етти кишилик оиланинг икки аъзоси вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан шу йилнинг 18 ноябрь куни соат тахминан 08.00 атрофида мазкур оила бошлиғининг турмуш ўртоғи Ю.У. вафот этди.

20 ноябрь куни 09:30 да катта ўғил А. Т. (2006 йилда туғилган) ҳам ҳаётдан кўз юмди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига келтирилган оила бошлиғи, унинг турмуш ўртоғи ва катта ўғлига «Ботулизм касаллигининг оғир даражаси. Ўткир токсемия даври. Токсик нейропатия. Ўткир нафас етишмовчилиги I даражаси» ташхиси қўйилган эди.

«Айни пайтда оиланинг қолган тўрт нафар аъзоси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли», — дейилади ССВ хабарида.