Ўзбекистонда бир миллион маҳаллий дастурчини тайёрлаш бўйича One Million Uzbek Coders лойиҳаси ишга туширилди. Дастурни ишга тушириш маросими 21 ноябрь куни Тошкентдаги Инха университетида бўлиб ўтди, дея хабар қилди ОТМ матбуот хизмати «Газета.uz»га.Маросимда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров, ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқов, БАА ҳукумат ва келажак ишлари вазири Муҳаммад Абдулла ал Гергави, БАА сунъий интеллект вазири Омар бин Султон ал-Олама ва бошқалар иштирок этди.

Абдулла Арипов инсон ресурслари, бу замонавий Ўзбекистоннинг энг асосий бойлиги экан, аҳолининг 60 фоизидан зиёди 29 ёшдан кичик эканини таъкидлади.

«One Million Uzbek Coders лойиҳасининг амалга оширилиши аҳолининг кенг қатламларини АКТ соҳасидаги янги касбларини ўзлаштиришга жалб қилиш, ёшларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган кишиларни ишга жойлаштиришга имкон беради», — деди ҳукумат раҳбари.

One Million Uzbek Coders қандай лойиҳа?

One Million Uzbek Coders, бу — 2017 йилда БААда ишга туширилган One Million Arab Coders лойиҳанинг аналоги ҳисобланади. Аввалроқ тақдимоти ўтказилган лойиҳа Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Dubai Future Foundation жамғармаси, Тошкентдаги Инҳа университети, IT-академиялар, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги IT-мактаб билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Лойиҳа рақамли технологиялар бўйича мутахассисларнинг янги авлодларини тайёрлаш мақсадида UzbekCoders.uz махсус портали орқали аҳолининг кенг қатламларини дастурлашни масофадан ўқитишни назарда тутади.

Лойиҳанинг биринчи босқичида ўзбек тилида глобал меҳнат бозоридаги тўртта энг талабгир мутахассислик — Data Analysis, Android Programming, Full-Stack Development ва Frontend Development қамраб олинади. Умумий курс 120 соатни ташкил этади. Ҳар бир даража якунларида лаборатория ишлари амалга оширилиб, тегишли сертификатлар берилади.

Курсларнинг энг яхши битирувчилари грантларни қўлга киритиб, Udacity хусусий таълим ташкилотининг 100 дан зиёд Nanodegree дастурларидан бири бўйича ўқишни давом эттириши мумкин. Бунинг учун имтиҳонни муваффақиятли топшириб, энг юқори балл тўплаган 150 талабадан бирига айланиш лозим.