Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги қарорни имзолади. Ҳужжат билан «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга доир «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Ҳужжатда «Бизнес юритиш — 2020» ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олгани, бироқ бизнес муҳитни яхшилаш ҳамда тадбиркорлар эркинлигини таъминлашда тўсиқлар мавжудлиги, хусусан қонунчилик ҳужжатларининг нотўғри ижро этилаётгани қайд этиб ўтилди.

«Тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувлар жойлардаги ижрочилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмаслигини, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши сезиларли даражада ортда қолаётганлигини, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда», — дейилади қарорда.

Ҳужжатб илан Барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Конституциясининг 53-моддаси ҳамда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонун талабларига сўзсиз риоя қилишлари шартлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланиши ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмаслиги белгиланди.

Бош прокуратурага хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш ташаббуси билан чиққанлик учун ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг муқаррар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминлаш топширилди.

Қурилиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Марказий банк, Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарларига қурилиш учун рухсатномалар бериш, электр таъминоти тизимига уланиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит бериш ҳамда тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш йўналишларидаги ислоҳотларнинг амалиётга татбиқ этилиши етарли эмаслиги натижасида «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботи тегишли индикаторлари бўйича мамлакатнинг рейтингдаги ўрни пастлигича қолаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган вазирлик ва идораларнинг ҳар бирида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни жойлардаги ижрочиларга етказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузиш топширилди. Мазкур ишчи гуруҳлар зиммасига ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жойлардаги ижрочиларга етказиш ва тушунтириш, қонун ҳужжатларини нотўғри қўллаш амалиётини бартараф этиш, жойларда тадбиркорларнинг фикрини мунтазам равишда ўрганиб бориш, тегишли орган томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва уларга соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифалари юкланади.

2020 йил 1 февралдан бошлаб қуйидагича тартиб ўрнатилади:

  • экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади. Бунда ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига интеграция қилинади;
  • фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори ваколатли органнинг мазкур ҳужжатни бериш учун қилган харажатлари доирасида Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан келишилган ҳолда белгиланади;
  • юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилади.

2020 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • қуввати 140 киловаттгача бўлган электр ускуналарини электр тармоқларига улаш жараёнида сарфланадиган харажатлар тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра, давлат хизматлари марказларига техник шартларни олиш учун мурожаат қилиш билан бир вақтда берилган сўровномасига асосан «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Мазкур маблағлар тадбиркорлик субъектлари фойдаланган электр энергияси қийматига қўшиладиган устамалар ҳисобидан бир йил давомида ундириб олинади.

2020 йил 1 январдан қуйидаги талаблар бекор қилинсин:

  • тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш;
  • давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни бевосита қоғоз кўринишда тақдим этиш;
  • мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш.

2020 йил 1 январга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади:

  • қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан хабарнома юбориш тартибини бекор қилиш, марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектлари бундан мустасно;
  • объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳа ҳужжатлари юзасидан ижобий экспертиза хулосаси ва қурилиш иштирокчилари тўғрисидаги маълумотни давлат хизматлари марказлари томонидан бир вақтда тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудий қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияларига объектни рўйхатдан ўтказиш учун юбориш;
  • объектлар бўйича ижобий экспертиза хулосаси мавжуд бўлмаганда қурилиш-монтаж ишларини бошлашни тақиқлаш, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.