20 ноябрь куни соат 03:28да Самарқанд вилояти Нуробод тумани Оқсой МФЙдан кесиб ўтувчи М-39 автомагистраль йўли ёқасида жойлашган «Темур ГАЗ» МЧЖга тегишли автомобиллар тураргоҳида ёнғин содир бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати.

Воқеа жойига 5 та ёнғин ўчириш бўлинмалари юборилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга соат 03:58 да етиб борган вақтида (энг яқин ёнғин-қутқарув қисмигача масофа 30 км) 5 та суюлтирилган газ ташувчи автоцистерна, 1 та экскаватор ва 1 та самосвал юк автомобили ёнаётганлиги маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаркатлар натижасида ёнғин соат 04.20да қуршаб олиниб, соат 06.26 да тўлиқ бартраф этилган.

Ҳодиса вақтида 1 нафар фуқаро куйиш тан жароҳати олиб шифохонага юборилган. Ёнғин оқибатида 3 та «МАN» русумли газ ташувчи автоцистерна, 1 та ЗИЛ-130 русумли газ ташувчи автоцистерна ва 1 та юк ташувчи автомобиль (самосвал) ҳамда «HYUNDAI» русумли экскаватор ёниб зарарланган. Шунингдек, «DAF» русумли газ ташувчи автоцистернанинг 6 та орқа шиналари ёнган.

Ёнғиндан «DAF» русумли газ ташувчи юк автомобилнинг автоцистерна ва салон қисми ҳамда 1 та «MAN» русумли автоцистернасидаги суюлтирилган газ, шунингдек автотураргоҳ атрофида жойлашган савдо дўкони, ошхона ва ёрдамчи хўжалик биноларининг 800 кв.метр майдони сақланиб қолинган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.