«Давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент қарори лойиҳаси муҳокамалар учун эълон қилинди. Ҳужжат Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилди.

Ҳужжатда 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат фуқаролик хизмати киритилаётган давлат органлари ва ташкилотларининг лавозимлари ва таркибий бўлинмаларининг номланишига оид ягона талабларни белгилаш таклиф қилинмоқда. Улар таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият, ижод ва санъат соҳасидаги давлат ташкилотларига татбиқ этилмайди.

2020 йил 1 июлдан бошлаб адлия органи ва суд ҳокимияти ходимлари, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари, шунингдек, давлат солиқ хизмати махсус унвонларни (мартаба даражалари) бериш тартибини бекор қилиш режалаштирилмоқда.

2020 йил 1 январдан бошлаб Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигида қўйидаги тўловларни назарда тутувчи давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш:

  • Давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ Давлат бюджети ҳисобидан тўланадиган базавий лавозим маоши;
  • Давлат хизматчиларининг маошига малака даражалари учун қўшимча тўловлар миқдорига мувофиқ Давлат бюджети ҳисобидан тўланадиган малака даражаси учун қўшимча тўловлар;
  • иш берувчи томонидан белгиланадиган, ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўланадиган, лекин базавий лавозим маошининг 200 фоизигача бўлган шахсий устамалар. Давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимининг жорий этилиши натижалари таҳлили асосида ушбу тизим давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчилик татбиқ этиладиган барча давлат органларида жорий этилади.

Тажриба тариқасида, биттадан адлия вазирининг ўринбосари, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари ва инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари лавозимларига танлов асосида тайинлаш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Қарор лойиҳасида давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчилик татбиқ этиладиган барча давлат органлари рўйхати тасдиқланиши кўзда тутилган. Улар миллий, республика, ҳудудий ва туман даражаларига бўлинади.

Давлат фуқаролик хизматига илк бор ишга кирувчиларнинг қасамёд қабул қилиши кутилмоқда.

Ҳужжат муҳокамаси 1 декабрга қадар давом этади.